Yangiliklar
Бетакрор Сирдарё ўзининг тарихий, маданий мерос объектлари, гўзал дарё бўйи табиати ва иқлими билан сайёҳларни жалб этмоқда.
5-yanvar 2023-yil
Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш, уни иқтисодиётнинг стратегик секторига айлантириш, ҳали тўла фойдаланилмаган сайёҳлик салоҳияти имкониятларидан кенг фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш борасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қатор йиғилишлар ўтказилаётгани, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар қабул қилиниб, долзарб вазифалар белгилаб берилаётгани алоҳида аҳамиятга эга.
Жумладан, шу йил 30 апрелда қабул қилинган “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида ички туризм хизматларини диверсификация қилиш ва ҳажмини кескин кўпайтириш, фуқароларни мамлакатимизнинг туризм салоҳияти билан таништириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тақдим этилаётган туризм хизматлари сифатини яхшилаш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини ошириш, туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган қатор вазифалар ўз аксини топган. Хусусан, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида кўплаб мақсад-вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур қарорга кўра, 2022 йилдан бошлаб июль ойида “Ёшлар туризми ойлиги”, 2023 йилдан бошлаб эса январь ойининг биринчи ҳафтаси ва март ойининг учинчи ҳафтасида “Ёшлар туризми ҳафталиги” ўтказилиши белгиланганди. Таъкидлаш жоизки, ушбу саъй-ҳаракатлар ички туризмни ривожлантириш ҳамда ёшларнинг мазмунли саёҳатларини ташкил этиш, уларни юртимизнинг туристик манзиллари ва имкониятлари билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада белгиланган вазифаларга кўра, 5 январ куни Мирзаобод, Сайхунобод ва Сирдарё тумани оилавий шароити оғир, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”га киритилган оила фарзандлари Сирдарё вилояти бўйлаб маданий мерос объектлари, вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи, Ховос туманидаги “Ўлкашунослик” музейи, театр ва диққатга сазовор масканлар ҳамда тарихий жойларга ташриф буюрди.
Бугунги сайёҳат вилоятимиз ёшларини бирлаштиришга ҳамда уларнинг вилоятимиз масканлари ҳақида кенг тушунча ва бой таассуротларга эга бўлишларига хизмат қилди. Вилоятимиз гўзалликларидан баҳраманд бўлишди
Сирдарё бўйлаб саёҳат қилинг ва вилоятимиз бетакрорлигидан, бой ўтмиши, тарихи ва бугунидан баҳраманд бўлинг!